Академия ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси
Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси — одил судлов соҳаси учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш, судьялик лавозимларига номзодларни касбий қайта тайёрлаш, судьялар ҳамда суд аппарати ходимларининг малакасини оширишга ихтисослашган таълим ва илмий-услубий муассасадир.
Академия фаолияти суд-ҳуқуқ соҳасида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, амалиётга яқинлаштирилган ўқитиш усулларини жорий этиш, кадрларни халқаро стандартлар ва замонавий талаблар асосида тайёрлашга қаратилган.
Тарихи
Академия Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби негизида ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги ПФ–141-сон Фармонига мувофиқ, Академия судьялар корпусини тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштиришга хизмат қиладиган муҳим институт сифатида белгиланган.
Фаолияти
Академия суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, қонунчиликнинг янгиланиб бориши ва суд тизимида замонавий билим ҳамда амалий кўникмаларга эга кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб фаолият юритади.
Академияда таълим жараёни амалиётга яқин форматда ташкил этилиб, замонавий ўқитиш методлари, таҳлилий кейслар, тренинглар ва интерактив машғулотлар орқали тингловчиларнинг касбий салоҳияти, ҳуқуқий маданияти ва касб этикасига риоя этиш кўникмалари шакллантирилади.
Шунингдек, Академия суд-ҳуқуқ соҳасида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш, ўқув-услубий материаллар ва таҳлилий тавсиялар тайёрлаш, илмий-амалий анжуманлар, семинарлар ҳамда давра суҳбатларини ташкил этиш орқали соҳа ривожига хизмат қилади.