Умумий маълумот
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОДИЛ СУДЛОВ АКАДЕМИЯСИ ОДИЛ СУДЛОВ СОҲАСИДА ЮҚОРИ МАЛАКАЛИ КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШНИНГ ЗАМОНАВИЙ, УЗЛУКСИЗ ВА ИНСТИТУЦИОНАЛ МОДЕЛИ
принципларини мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган изчил ва тизимли сиёсатнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва самарадорлиги эса, энг аввало, судьялар корпусининг касбий тайёргарлиги, маънавий-ахлоқий фазилатлари ҳамда замонавий ҳуқуқий фикрлаш даражаси билан узвий боғлиқдир.
Шу нуқтаи назардан, одил судлов соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш, уни янги сифат босқичига олиб чиқиш зарурати объектив эҳтиёж сифатида шаклланди. Мазкур эҳтиёж Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги ПФ–141-сон “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Фармонида ўз ифодасини топди. Ушбу Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ташкил этилди .
Одил судлов академиясининг ташкил этилиши миллий суд тизимида кадрлар тайёрлаш соҳасида сифат жиҳатидан мутлақо янги институционал моделни жорий этишга қаратилган тарихий қарор сифатида баҳоланади. Академия фақатгина таълим муассасаси эмас, балки суд-ҳуқуқ сиёсати, илмий-тадқиқот, амалиёт ва инновацияларни ўзида мужассам этган ягона марказ сифатида фаолият юритади.
Академия ташкил этилгунга қадар судьяликка номзодларни тайёрлаш, судьялар ва суд аппарати ходимларини қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш вазифалари Судьялар олий мактаби томонидан амалга оширилган. 2019–2025 йиллар давомида мазкур муассаса томонидан судья кадрларни тайёрлаш соҳасида муайян ижобий натижаларга эришилди. Жумладан, магистратура йўналишини 680 нафар тингловчи тамомлаган бўлиб, уларнинг катта қисми судьялик лавозимларига тайинланган. Шу билан бирга, минглаб судьялар ва суд аппарати ходимлари қисқа муддатли малака ошириш курсларидан ўтган .
Бироқ амалиёт шуни кўрсатдики, суд тизими олдида турган янги вазифалар судья тайёрлашнинг анъанавий шакллари билан чекланиб қолишга имкон бермайди. Судья нафақат ҳуқуқ нормаларини билиши, балки мураккаб процессуал вазиятларда мустақил қарор қабул қила олиши, психологик барқарорликка эга бўлиши, инсон тақдири билан боғлиқ қарорларни адолат ва қонун устуворлиги тамойиллари асосида қабул қилиши лозим. Ана шу омиллар Одил судлов академияси фаолиятининг концептуал асосини ташкил этди.
Академия фаолиятининг марказида таълим, илм-фан ва суд амалиётининг узвий интеграцияси туради. Таълим жараёни “бўлажак судьяни судья ўқитади” деган фундаментал ғояга асосланган ҳолда ташкил этилган. “Устоз–шогирд” тамойили доирасида катта амалий тажрибага эга бўлган амалдаги судьялар ўқитувчи сифатида жалб этилади. Бу эса назарий билим билан амалиёт ўртасидаги узилишни бартараф этиб, тингловчиларда реал суд фаолиятига мос касбий кўникмаларни шакллантириш имконини беради .
Одил судлов академиясида таълим жараёни замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларига таянади. Асосий эътибор тингловчиларда таҳлилий ва танқидий фикрлаш, ҳуқуқий ҳолатларга комплекс ёндашиш, қонун нормаларини аниқ ва бир хилда қўллаш, процессуал ҳужжатларни ҳуқуқий жиҳатдан пухта тайёрлаш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган. Шу мақсадда таълим жараёни “назария – амалиёт – имитация” тамойили асосида дуал таълим шаклида ташкил этилмоқда .
Дуал таълим доирасида тингловчилар нафақат назарий машғулотларда иштирок этади, балки реал суд мажлисларини кузатади, судьянинг ҳар бир процессуал ҳаракатини таҳлил қилади, процесс иштирокчилари ўртасидаги муносабатларни ўрганади. Шунингдек, махсус жиҳозланган суд залларида суд жараёнларининг имитацияси ўтказилиб, тингловчилар судья, прокурор, адвокат, даъвогар, жавобгар, гувоҳ каби ролларда иштирок этади. Бу усул касбий кўникмаларни назарий эмас, амалий йўл билан шакллантириш имконини беради.
Академияда “виртуал суд” машғулотларининг жорий этилиши таълим жараёнида инновацион ёндашувларнинг яна бир ёрқин намунасидир. Виртуал суд орқали тингловчилар суд жараёнларини реал вақт режимида кузатиш, суд қарорларини таҳлил қилиш, процессуал ҳужжатларни тайёрлаш ҳамда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу эса судьяларнинг рақамли трансформация шароитида самарали фаолият юритишга тайёргарлигини оширади .
2025 йил 1 октябрдан бошлаб судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш Академиянинг олти ойлик касбий қайта тайёрлаш курслари орқали амалга оширилмоқда. Ушбу курсларга қабул қилиш жараёни очиқлик, шаффофлик ва холислик тамойиллари асосида кўп босқичли тартибда ўтказилади. Танлов давомида номзодларнинг ҳуқуқий билимлари, маънавий сифатлари, касбий лаёқати ҳамда психологик барқарорлиги комплекс равишда баҳоланади .
Академияда судьялар ва суд аппарати ходимларининг малакасини ошириш тизими ҳам янги мазмун билан бойитилди. Судьяларнинг лавозим муддати, фаолият самарадорлиги ва рейтинг кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда даврий малака ошириш мажбурий тартибда жорий этилди. Бу тизим судьяларнинг ўз билим ва кўникмаларини доимий равишда янгилаб боришига, қонунчиликдаги ўзгаришларга тез мослашишига хизмат қилади .
Академия фаолияти доирасида раҳбар кадрларни тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туман, шаҳар ва вилоят судларида раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьялар махсус қайта тайёрлаш курсларидан ўтиши белгиланган. Бу эса суд тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш, раҳбар лавозимларга тайёр ва малакали кадрларни тайинлашга хизмат қилади.
Одил судлов академиясида таълим жараёнининг муҳим таркибий қисми сифатида судьялик касбининг маънавий-ахлоқий асосларини шакллантириш масалалари қамраб олинган. Ҳалоллик, холислик, беғаразлик, қонунга садоқат, коррупцияга муросасиз муносабат каби қадриятлар тингловчилар онгига чуқур сингдирилади. Бу эса судья фаолиятида фақат ҳуқуқий эмас, балки юксак ахлоқий мезонларни таъминлашга хизмат қилади.
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Академияда “Суд фаолияти” мутахассислиги бўйича амалий магистратура дастурини жорий этиш режалаштирилган. Ушбу дастур амалиётга йўналтирилган мазмунга эга бўлиб, суд-ҳуқуқ соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш имкониятларини янада кенгайтиради.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси миллий суд тизимида кадрлар тайёрлашнинг замонавий, узлуксиз ва халқаро стандартларга мос институционал моделини шакллантирди. Академия фаолияти суд мустақиллигини мустаҳкамлаш, судьялар корпусининг касбий салоҳиятини ошириш ва жамиятда одил судловга бўлган ишончни янада юксалтиришга хизмат қилмоқда. Бу эса мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш ва адолатни қарор топтириш йўлида муҳим аҳамият касб этади .