Янгиликлар

...

Президент Мурожаатномасида белгиланган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари: назария ва амалиёт уйғунлиги

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабр куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожатномасида суд ҳокимиятининг мустақиллигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловга эришиш механизмларини янада такомиллаштириш масалалари алоҳида эътибор марказида бўлди. Мурожаатномада суд ҳокимияти мустақиллиги ҳуқуқий давлат барпо этишнинг асосий шартларидан бири сифатида қайд этилди. Судяларнинг фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашувга йўл қўймаслик, уларнинг моддий ва ижтимоий кафолатларини кучайтириш, кадрларни танлаш ва тайинлаш жараёнларида шаффофликни таъминлаш масалалари муҳим вазифа сифатида белгилаб берилди. Бу борада судяликка номзодларни танлашда касбий билим, ҳаётий тажриба ва юксак маънавий фазилатларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Судянинг мустақиллиги нафақат қонун билан, балки унинг шахсий дахлсизлиги ва касбий барқарорлиги билан ҳам таъминланиши лозим. Президент Мурожаатномасида оддий фуқаро учун судга мурожаат қилиш осон, қулай ва адолатли бўлиши шартлиги алоҳида уқтирилди. Шу нуқтаи назардан, суд жараёнларини соддалаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, рақамли технологияларни кенг жорий қилиш муҳим йўналиш сифатида белгиланди. Айниқса, электрон судлов тизимини такомиллаштириш орқали ишларни кўриш муддатларини қисқартириш, инсон омили таъсирини камайтириш ва шаффофликни таъминлаш суд-ҳуқуқ тизими самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Бу эса фуқароларнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлашга олиб келади. Шунингдек, Мурожаатномада жиноят судлови соҳасида инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масаласи марказий ўрин тутди. Айниқса, шахсни асоссиз жиноий таъқибдан ҳимоя қилиш, ҳимоя ҳуқуқини тўлиқ кафолатлаш, далилларни баҳолашда қонун устуворлигини таъминлаш масалалари долзарб вазифалар сифатида қайд этилди. Бу йўналишда айбсизлик презумпсиясига қатъий риоя этиш, тергов ва суд босқичларида қонун бузилишларига йўл қўймаслик судя ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олдида турган муҳим масъулиятдир. Одил судлов академияси тингловчилари учун бу масалалар келгусида касбий фаолиятда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Президент Мурожаатномасида фуқаролик ва маъмурий суд ишлари орқали давлат органлари фаолияти устидан самарали суд назоратини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди. Бу фуқаролар ва тадбиркорлик субъйектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг ролини янада оширишни тақозо этади. Маъмурий судлар фаолиятида “давлат – фуқаро” муносабатларида адолат ва қонунийликни таъминлаш, давлат органларининг ноқонуний қарорларини бекор қилиш орқали ҳуқуқий ҳимоя механизмларини кучайтириш устувор вазифа сифатида белгиланди. Мурожаатномада суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишда малакали кадрлар тайёрлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, Одил судлов академияси тизимида таълим мазмунини замонавий талабларга мослаштириш, амалий кўникмаларга асосланган ўқув дастурларини жорий этиш муҳим ҳисобланади. Айниқса судяликка номзодларни тайёрлашда уларнинг мантиқий фикрлаши, тизимли таҳлил, қонуний қарорлар қабул қилиш ва академик ёзувларга асосланиш муҳим аҳамиятга эга. Президентнинг 2026 йилги Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ тизими бўйича белгиланган вазифалар ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилган тизимли ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Суд ҳокимияти мустақиллиги, инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, судловнинг шаффоф ва самарали механизмларини жорий этиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидир. Суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, судялар корпусининг касбий ва маънавий салоҳиятини ошириш, судлов жараёнларида шаффофлик ва адолатни таъминлаш орқали фуқароларнинг судга бўлган ишончини кучайтириш Мурожаатномада белгиланган асосий мақсадлардан биридир. Айниқса, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ишончли ҳимоя қилиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилаб берилгани суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг инсонпарвар моҳиятини яққол намоён этади. Шу билан бирга, жиноят, фуқаролик ва маъмурий суд ишларини юритишда қонун устуворлигини таъминлаш, просессуал кафолатларни кучайтириш, рақамли судлов тизимини ривожлантириш орқали одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш муҳим вазифалар сифатида қайд этилди. Бу эса суд амалиётида инсон омили билан боғлиқ салбий ҳолатларни камайтириш, қарорларнинг қонунийлиги ва асослилигини оширишга хизмат қилади. Академик нуқтаи назардан, Президент Мурожаатномаси Одил судлов академияси тингловчилари учун муҳим раҳбарий, назарий-амалий манба ҳисобланади. У келгусида судя, прокурор ёки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими сифатида фаолият юритадиган мутахассислар учун касбий масъулият, қонунга садоқат ва инсон тақдири олдидаги жавобгарликни чуқур англаш зарурлигини яна бир бор тасдиқлайди. Шу билан бир қаторда, Академия тингловчилари учун мазкур Мурожаатнома нафақат сиёсий ҳужжат, балки келгусидаги касбий фаолиятда амал қилиш лозим бўлган муҳим дастуриламал сифатида хизмат қилади. Суд-ҳуқуқ соҳасида фаолият юритувчи ҳар бир мутахассис ушбу устувор йўналишларни чуқур англаб, амалиётга татбиқ этишга ҳисса қўшиши зарур. Хулоса қилиб айтганда, Президент Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ тизими бўйича белгиланган вазифалар нафақат норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришни, балки судлов маданиятини, ҳуқуқий тафаккурни ва адолатга бўлган жамият ишончини янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилган. Ушбу устувор йўналишларни изчил амалга ошириш суд-ҳуқуқ тизимининг самарадорлигини оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга ҳамда Ўзбекистонда ҳақиқий ҳуқуқий давлат барпо этишга хизмат қилади.    Одил судлов академияси Касбий кўникмалар кафедраси ўқитувчиси, ф.ф.ф.д. Нажмидинова Нилуфар Юлдошовна
Батафсил
...

2026 йил — “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”: ислоҳотларнинг янги босқичи

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлисга ва кўп миллатли халқимизга йўллаган Мурожаатномасида 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши мамлакат тараққиётида маҳалла институтига берилган стратегик аҳамиятнинг яққол ифодасидир. Мазкур йил доирасида маҳаллани фақатгина ҳудудий бошқарув бўғини сифатида эмас, балки жамиятнинг ижтимоий, маънавий ва иқтисодий таянч институти сифатида ривожлантириш устувор вазифа этиб белгиланди. Аҳолининг дарду ташвишини жойида ҳал этиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва фуқаролик фаоллигини оширишда маҳалланинг масъулияти янада кенгайиши таъкидланди. 2026 йилдан бошлаб мамлакат бўйлаб 9 мингдан ортиқ маҳаллада инфратузилмани тубдан яхшилаш режалаштирилган бўлиб, йўллар, ичимлик суви, электр таъминоти, жамоат транспорти, таълим ва соғлиқни сақлаш объектлари ҳамда яшил ҳудудлар бир бутун тизим сифатида янгиланади. Бу ишлар парчаланган ҳолда эмас, балки комплекс ёндашув асосида амалга оширилиб, маҳаллалардаги асосий муаммоларни бир вақтнинг ўзида ҳал этишни назарда тутади. Шу билан бирга, ҳар бир вилоятда 2–3 тадан туман танлаб олиниб, улардаги барча маҳаллалар тўлиқ қайта қурилади, тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш инфратузилмаси ривожлантирилади ҳамда ушбу мақсадлар учун 8,5 трлн сўм маблағ йўналтирилади. Мурожаатномада маҳаллий вакиллик органларининг ролига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, маҳаллаларни ободонлаштиришда депутатлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир сайлов округига 500 млрд сўм, ҳар бир депутат ташаббусига эса қўшимча 330 млн сўм ажратилиши белгиланди. Бу орқали маҳаллий муаммоларни жойида ҳал этиш, аҳоли манфаатларини тўлиқроқ ифода этиш ва депутатларнинг жавобгарлигини оширишга эришилади. 2026 йилдан туман бюджетларини мустақиллаштириш бўйича қабул қилинган қарорлар маҳаллий молиявий бошқарувда туб бурилиш ясайди. Қўшилган қиймат солиғи тушумининг маълум қисми ҳудудларда қолдирилиши, режадан ортиқ тушган даромадларнинг 50 фоизини туман бюджетларига ўтказиш, ер ижараси ва бозорлардан тушган даромадларни маҳаллий даражада сақлаб қолиш орқали туман бюджетларида тахминан 5 трлн сўмлик қўшимча манбалар шаклланади. Мазкур маблағлар бевосита маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш ва аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал этишга йўналтирилади. Шунингдек, 2026 йилда илк бор маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 трлн сўм тўғридан-тўғри вилоятларга ажратилиши белгиланди. Ушбу маблағлар иш ўринлари яратадиган, аҳолининг даромадини оширишга хизмат қиладиган аниқ ва манзилли лойиҳаларга йўналтирилиб, бюджет маблағларининг лойиҳа асосида сарфланиши самарадорлик ва шаффофликни таъминлайди. “Маҳаллада саноат ва хизмат” дастури доирасида 10 мингдан ортиқ ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини ишга тушириш, 100 мингта янги иш ўрни яратиш ҳамда 360 минг нафар аҳолини банд қилиш режалаштирилгани маҳалланинг иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Жамиятни юксалтириш иқтисодий ўсиш билан бир қаторда инсон капиталига инвестиция киритишни ҳам талаб этади. Шу боис маҳаллаларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш, айниқса хотин-қизларни жисмоний фаолликка жалб этиш учун 1 трлн сўм ажратилиши, шунингдек, ёшлар китобхонлигини ошириш мақсадида мактаб кутубхоналарини ҳар йили 10 миллион нусха бадиий китоб билан таъминлаш кўзда тутилган. Шунингдек, маҳалла тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, рақамли ечимларни жорий этиш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган ижтимоий хизматларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш орқали жамият барқарорлиги ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш кўзда тутилмоқда. Хулоса қилиб айтганда, 2026 йилга шундай ном берилиши маҳалланинг давлат ва жамият ўртасидаги боғловчи кўприк сифатидаги ролини мустаҳкамлаб, фуқароларнинг фаол иштирокига таянадиган адолатли, очиқ ва тараққий этган жамиятни барпо этишга қаратилган стратегик қарор эканини англатади.   Фозилжон Отахонов, Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси профессори, юридик фанлар доктори  
Батафсил
...

Судялар мустақиллигини амалда таъминлаш - давр талаби

Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида барча давлат органлари фаолиятида демократик тамойилларни жорий этиш, уларни янги жамиятнинг шиддатли ислоҳотлари талабларига мослаштириш, замонавий тенденциялар асосида иш самарадорлигини кўтаришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, давлат ҳокимиятининг алоҳида мустақил, муқим тармоғи бўлган суд органлари фаолиятини тубдан демократлаштириш, очиқ ва шаффоф тартиб-таомиллар асосида ривожлантириш мақсадида 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Давлатимиз раҳбарининг “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва унда белгиланган янги вазифалар юқорида айтиб ўтганимиздек, суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий принципларни таъминлашнинг мантиқий давоми бўлди. Фармоннинг амалий аҳамияти шундаки, судлар фаолиятини ташкил этиш ва уни бошқариш, судьялар мустақиллигини амалда таъминлаш жараёнида муайян ваколатларга эга ҳамда бир-биридан ўзаро мустақил бўлган судьялар ҳамжамияти органларининг ўрни ва ролини кенгайтиришнинг ҳуқуқий асослари такомиллашувига олиб келади. Шу билан бирга, судьялар ҳамжамияти органлари фаолияти билан боғлиқ халқаро ҳужжатларда белгиланган илғор демократик тамойилларнинг миллий қонунчиликка сингдирилишини таъминлайди. Ҳар томонлама етук, замонавий билим ва зарур касбий кўникмаларга эга, малакали судья кадрларни тайёрлаш, улар орасидан энг муносибларини танлаш ва судьялик лавозимларига тайинлашнинг очиқ, ошкора ва шаффоф механизмларини жорий этиш имкониятларини оширади. Умуман, судьялар ҳамжамияти органларининг фаолиятини тартибга соладиган миллий қонунчиликни янги, прогрессив нормалар билан бойитиб, иш динамикасини оширади. Биз учун энг муҳими, Фармонда белгиланган вазифалар Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси профессор-ўқитувчилари жамоасига ҳам бир қатор масъулиятли вазифаларни юклайди. Хусусан, суд мустақиллигига оид илғор стандартларни жорий этиш ҳамда судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бўлимнинг тегишли бандида судьянинг касбий фаолиятини баҳолашда “ҳалоллик”, “касбий лаёқатлилик” ва “судьялик одоби қоидаларига риоя этиш” талабларининг аниқ мезонларини қонун даражасида белгилаш вазифаси қўйилган. Бу академиянинг асосий мақсади, яъни бўлажак судьяларни тайёрлаш бўйича олти ойлик ўқув курсларида таҳсил олаётган тингловчилар (бўлажак судьялар)нинг, шунингдек, судья ва суд аппарати ходимларининг малакасини ошириш, раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьяларни қайта тайёрлаш жараёнида уларнинг ахлоқий юксалиши, қалбан улғайиши, виждонан покланиши, судьянинг маънавий камолотини таъминловчи янги, замонавий ва таъсирчан ўқув қўлланмаларини яратиш ва тизимли жорий этишни тақозо қилади. Бунинг учун академиядаги ҳар бир кафедра, ҳар бир ўқитувчи ўзининг кундалик фаолиятида янгича ёндашув, илмий ва педагогик изланишлар олиб бориши лозим. Айниқса, Касбий кўникмалар кафедраси ўқитувчилари юксак ахлоқий-иродавий ҳамда касбий фазилатларга эга, юклатилган вазифалар ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали бажарилишини таъминлашга қодир бўлган кадрларни тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш самарадорлигини оширишга амалий таъсир кўрсатадиган методикаларни ишлаб чиқиши ва амалиётга татбиқ этиши мақсадга мувофиқ. Давлатимиз раҳбари томонидан бу борада олдимизга қўйилган яна бир муҳим вазифа борки, бу бугунги кунда халқимиз кутаётган адолатли қарорлар қабул қилишга ҳар томонлама қодир, иродаси мустаҳкам, юксак касб ва маънавий фазилатларга эга бўлган суд ходимлари таркибини шакллантириш билан изоҳланади. Шу маънода, ўз соҳасини яхши билмайдиган, пухта касб ва ҳаёт тажрибасига, юксак маънавий-ахлоқий савияга эга бўлмаган юрист кадрлар ҳеч қачон судья лавозимига тайинланмаслиги, аввало, Одил судлов академияси фаолияти самарадорлиги билан чамбарчас боғлиқ, албатта. Шундан келиб чиқиб, бугунги жамиятда судьяларнинг маънавий-ахлоқий фазилатларини шакллантиришнинг янги методологиясини ишлаб чиқиш билан боғлиқ тадқиқотларга бўлган зарурият тобора кучайиб бораётганини инкор этиб бўлмайди. Табиийки, ушбу зарурият соҳада чуқур илмий-амалий ва назарий ёндашувлар асосида фундаментал тадқиқотлар олиб боришни, қолаверса, судьяларни тайёрлаш жараёнида касбий билим ҳамда кўникмалари билан биргаликда, уларнинг маънавий камолотига алоҳида эътибор қаратишни талаб этади. Ҳужжатда суд мустақиллиги кафолатларини кучайтириш борасида янги вазифалар ҳам назарда тутилган. Адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарганлик учун жавобгарликни белгиловчи қонунчилик нормаларини суд мустақиллигига оид халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқиш масалалари шулар жумласидан. Бу ҳам академиянинг суд соҳасида юксак малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш заруриятини вужудга келтиради. Бунинг учун Одил судлов академияси суд тизимида замонавий фикрлайдиган, ҳалол ва юксак салоҳиятли янги авлод судьялар корпусини шакллантиришга қаратилган фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш бўйича тизимли чора-тадбирлар белгилаши шарт. Академия тингловчиларига суднинг барча йўналиши — фуқаролик, жиноят, маъмурий ёки иқтисодий ишларни кўришда ҳақиқий ҳолатни аниқлаши ва амалдаги қонунлар асосида ҳуқуқий баҳо бериши, ўз қарорининг нафақат қонуний ва асослантирилганлигига, балки адолатлилигига ҳам эътиборли бўлиши зарур. Ана шундагина, жамоатчиликнинг суд органларига нисбатан ишончи ортиб, жамиятда суд чинакам адолат қўрғонига айланади. Умуман, мазкур Фармон ва унда белгиланган вазифалар академияда ўтказиладиган ўқув жараёнларини янги жамият қўяётган юксак талаблар — замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект имкониятларидан амалиётда фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, суд фаолиятини илмий-услубий жиҳатдан тўла таъминлаш, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди. Пировард натижада судьяларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш даражаси янги босқичга олиб чиқилиб, миллий суд тизимини халқаро стандартларга яқинлаштириш, малакали ва маънавий етук судьялар корпусининг шаклланишида муҳим амалий аҳамият касб этади.   Шерзод Абдуқодиров, Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ректори, юридик фанлари доктори(Манба: "Халқ сўзи" газетаси, 2025 йил 8 декабрь.)
Батафсил