Касбий қайта тайёрлаш
Касбий қайта тайёрлаш курслари
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–141-сон Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси (кейинги ўринларда – Академия) ташкил этилди.
Фармондан келиб чиқиб, Академияда суд тизими учун ҳар томонлама етук, замонавий билим ва зарур касбий кўникмаларга эга юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини ташкил этиш; судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судья ва суд аппарати ходимларининг малакасини ошириш, раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьяларни қайта тайёрлаш, таълим олувчиларда судьялик касбий маданиятини шакллантиришга қаратилган дастурларни жорий этиш; судьяларда мустақил, холис, беғараз, фақат қонунга таянган ҳолда ва адолат билан иш юритишнинг касбий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган интерфаол ўқитиш услубларини таълим жараёнига татбиқ этиш; уларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни шакллантириш, таълим жараёнида коррупцияга қарши курашиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлашнинг таъсирчан механизмларини жорий қилиш; судьялик лавозимларига номзодлар, судья ва суд аппарати ходимларида замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект имкониятларидан амалиётда фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш тизимли йўлга қўйилмоқда.
Академияда судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш олти ойлик касбий қайта тайёрлаш курсларида (кейинги ўринларда — касбий қайта тайёрлаш курслари) давлат гранти асосида суд ихтисосликлари бўйича ташкил этилади.
Қайта тайёрлаш курсига қабул тенг ҳуқуқлилик, очиқлик, шаффофлик принциплари ва адолатли танлов асосида амалга оширилиб, кириш синовларида юқори балл тўплаган талабгорларнинг қабул қилиниш ҳуқуқи таъминланади.
Қайта тайёрлаш курсига курс тамомланиши арафасида ўттиз беш ёшга тўладиган, олий юридик маълумотга эга бўлган ва юридик ихтисослик бўйича камида етти йиллик иш стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси қабул қилинади.
Лавозими бўйича мансаб даражаси ёки мартаба даражаси бериш назарда тутилган қуйидаги ходимларнинг меҳнат фаолияти юридик ихтисослик бўйича меҳнат стажи сифатида инобатга олинади:
судда судья ёрдамчиси, девонхона ва архив мудири, консультантлар, бошқарма ва бўлим бошлиқлари;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, суриштирув органлари ва уларнинг муассасалари масъул ходимлари;
адвокатлар, давлат органлари, шунингдек ташкилотларнинг юридик хизмати ходимлари, нотариуслар ва уларнинг ёрдамчилари ҳамда ихтисослашган давлат олий таълим муассасаларининг ҳуқуқшунослик фани ўқитувчилари.
Талабгорнинг ихтисослиги бўйича иш стажи олий юридик маълумот тўғрисидаги диплом берилган вақтдан, агар диплом хорижий давлатда берилган бўлса, у белгиланган тартибда тан олинган (нострификация қилинган) вақтдан кейинги ишлаган даври бўйича ҳисобга олинади.
Талабгорларни қабул қилиш қуйидаги суд ихтисосликлари бўйича амалга оширилади:
фуқаролик;
жиноий;
иқтисодий;
маъмурий.
Қайта тайёрлаш курсига киришда талабгорлар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:
– Қайта тайёрлаш курси ихтисослиги йўналишини ҳамда тест топширадиган хорижий тилни кўрсатган ҳолда Академия ректори номига ариза;
- шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки ID шахс гувоҳномаси) нусхаси;
– маълумотнома-объективка (ёзма ва электрон шаклда);
– таянч олий юридик маълумот тўғрисидаги бакалавр дипломи (таълим йўналиши: юриспруденция; таълим шифри: 5240100 ёки 5380100) ва иловасининг асли ва нусхаси ёки ташкилотнинг кадрлар бўлимида тасдиқланган нусхалари, агар диплом тан олинган (нострификация қилинган) бўлса, бу ҳақдаги ҳужжат нусхаси (бунда дипломнинг асли нусхаси билан солиштирилиб, эгасига қайтарилади);
– меҳнат дафтарчасининг нотариал тасдиқланган ёки ташкилотнинг кадрлар бўлимида тасдиқланган нусхаси ёки my.gov.uz интерактив хизматлари орқали олинган ва махсус код (QR-код) мавжуд бўлган электрон нусхаси;
– Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2022 йил
17 январдаги 16-сонли буйруғи билан тасдиқланган шаклдаги одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлар ва жисмоний нуқсонлар йўқлиги ҳақидаги тиббий маълумотнома (086/1 шакл).
Тақдим этилган ҳужжатларнинг тўғри расмийлаштирилганлиги, тўлиқлиги ва ҳаққонийлиги учун талабгор шахсан жавобгар ҳисобланади.
Ариза ва ҳужжатлар вилоят ва унга тенглаштирилган судлар судьялари малака ҳайъатлари ёки бевосита Қабул комиссиясига ёзма шаклда тақдим этилиши мумкин.
Кириш синовлари тўрт босқичдан, яъни психологик, чет тиллари (инглиз, француз ва немис тили) ва суд ихтисослигидан тест синовларидан ўтказиш ҳамда Судьялар олий кенгаши томонидан ташкил этиладиган идоралараро комиссия томонидан ўтказиладиган ёзма имтиҳон ва якка тартибдаги суҳбатдан иборат.